Хоразмда сохта паспорт тайёрлаган гуруҳга ҳукм ўқилди
Хоразм вилоятида Россиядан депортация қилинган фуқароларга сохта ҳужжатлар тайёрлаб берган жиноий гуруҳ суд томонидан жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда суд ҳужжатларига таяниб Gazeta.uz хабар берди.
Улар томонидан юзлаб инсонларнинг сохта шахсий маълумотлари биометрик маълумотлар базасига киритилиб, ноқонуний биометрик ҳужжатлар тайёрланган.
Терговга кўра, Урганч тумани ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи собиқ ходими М.А. фуқароларнинг шахсий маълумотларини ўзгартириб, сохта ID карта ва хорижга чиқиш паспортларини расмийлаштирган. У бу ҳаракатларни пора эвазига уюшган гуруҳ таркибида амалга оширган.
Гуруҳ Россиядан чиқариб юборилган ва яна қайтиб боришни истаган фуқароларга янги шахс сифатида ҳужжат тайёрлаб берган. Ҳужжатлар расмийлаштиришда иштирок этган бошқа шахслар — Р.Х., А.А., М.Р. ва М.И. — ҳам турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинди.
М.А. Жиноят кодексининг бир нечта моддаларига кўра айбдор деб топилиб, 10 йил 6 ойга озодликдан маҳрум этилди ва 3 йил давомида ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Гуруҳ аъзоларига 2 йилдан 8 йилгача бўлган жазолар тайинланган.
Тайинланган жазолар 2024 йилнинг февраль ва июнь ойларидан ҳисобланган.