Депутатлар «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги қонун лойиҳасини қабул қилдилар

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги қонун лойиҳасини қабул қилиб, Сенатга юборди, деб хабар қилди парламент қуйи палатаси матбуот хизмати.

Ушбу қонун лойиҳаси билан аҳолини оммавий спортга жалб қилиш ва оммавий спорт тадбирларини тизимли ўтказиб бориш, спорт турларини эътироф этиш ва уларнинг реестрини юритиш тартибини такомиллаштириш, спорт мусобақалари натижаларига қонунга хилоф равишда таъсир кўрсатишнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш чоралари белгиланмоқда.

Шунингдек, Миллий олимпия ва паралимпия қўмиталарининг ҳуқуқий мақоми ва ваколатлари, Паралимпия, Сурдлимпия, Махсус олимпия ва Кўзи ожизлар спорти ҳаракатларига доир масалалар қонун даражасида белгилаб қўйилмоқда.

Лойиҳада Спорт федерацияларининг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни реестрга киритиш ва чиқариш мезонлари, спорт клублари ва спорт лигаларининг ҳуқуқий мақоми ва фаолият юритиш тартиби, тренер, спорт ҳаками ва спорт агентининг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам ўз ифодасини топмоқда.

Қонун лойиҳаси билан Миллий антидопинг агентлигининг ҳуқуқий мақоми ҳам белгиланиб, спортда допингнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тартиби такомиллаштирилмоқда.

Бундан ташқари, иш берувчилар ходимларнинг спорт билан шуғулланиши учун зарур шароитлар яратиши кўзда тутиляпти. Спорт соҳасидаги низоларни эса судгача ҳал этиш тартибини жорий қилиш назарда тутилмоқда.

Депутатларнинг қайд этишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши соҳани янада ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спортга оид муносабатларни тизимли ташкил этиш, амалиётда мавжуд бўлган айрим ноаниқликлар ва ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этишга хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Спорт