Янгиариқ туман судининг тергов судяси тезкор тадбирда қўлга олинди

Олий суд ташаббуси билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Жиноят ишлари бўйича Янгиариқ туман судининг тергов судяси М.С. қўлга олинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати расмий баёнот берди.

Маълум қилинишича, судя М.С. фуқаро О.О.нинг жиноят иши юзасидан ёрдам кўрсатиш эвазига илгари олган пул маблағларининг бир қисмини, аризачининг талаби билан қайтараётган вақтида, ашёвий далиллар билан ушланган.

Олий суд кенг жамоатчилик эътиборини суд органларида коррупцияга қарши муросасиз ва кескин кураш бўйича қатъий чоралар кўрилаётганига қаратиб, суд тизимини нопок кадрлардан тозалаш борасида барча зарур саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётганини маълум қилади, дейилган расмий баёнотда.

Шунингдек, Олий суд фуқароларни суд тизимидаги коррупсияни таг-томири билан йўқотишга фаол ҳамкорлик қилишга чақирди.

Янгиликлар