Россия ракета ҳужуми оқибатида Суми шаҳрида 4 киши ҳалок бўлди
Россия ракета ҳужуми оқибатида Украина шимоли-шарқидаги Суми шаҳрида камида 4 киши ҳалок бўлди, 25 нафардан ортиқ одам тан жароҳати олди. Бу ҳақда маҳаллий ҳокимият вакилларига таяниб AP хабар берди.
Хабарга кўра, ракеталар шаҳарнинг марказий қисмидаги кўп қаватли уйлар ва тиббиёт муассасасини нишонга олган. Украина президенти Владимир Зеленский ҳужумни кескин қоралаб, бу воқеа Россиянинг урушни тугатиш истаги йўқлигини кўрсатаётганини таъкидлаган
Ҳужум Истанбулда ўтган тинчлик музокаралари натижасиз якунланганидан бир кун ўтиб содир бўлди.
Шунингдек, Украина Хавфсизлик хизмати томонидан берилган баёнотга кўра, улар Россияни Қрим билан боғловчи муҳим кўприкка зарба берган. Бу зарба Украина томонидан Россия ичкарисидаги ҳарбий авиабазаларга уюштирилган дрон ҳужумларидан икки кун ўтиб амалга оширилган.
Украина расмийлари бу каби ҳаракатлар орқали Россиянинг ҳарбий инфраструктураси ва стратегик объектларига босимни кучайтиришни мақсад қилганини билдирган.