Сирдарёда 1 миллиард долларга эга инвестиция жамғармаси ташкил этилади

Сирдарёда инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун Ўзбекистон-Хитой инвестиция жамғармаси ташкил этилади. Бу ҳақда бугун, 7 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Сирдарёда ўтказилган халқ депутатлари вилоят кенгаши сессиясида маълум қилинди.

Гап шундаки, давлат раҳбари Сирдарё аҳолиси фаровонлигини янада оширишга қаратилган 5 та янги ташаббусни илгари сурди. Ўзбекистон-Хитой инвестиция жамғармаси иккинчи ташаббус доирасида Хитойнинг нуфузли Ипак йўли фонди ва бошқа молиявий ташкилотлари билан бирга ташкил қилинади. Жамғармага 1 миллиард доллар сармоя олиб келинади.

Шунингдек, иккинчи ташаббус доирасида вилоятнинг 11 та туман ва шаҳри Хитой модели асосида саноатга ихтисослашади, ҳар бирида инновацион технопарклар ташкил қилинади. Уларда:

  • электротехника, биофармацевтика, кимё, қурилиш материаллари, ипак ва озиқ-овқат саноатида инновацион лойиҳалар амалга оширилади;
  • эркин иқтисодий зона мақоми берилади ва «божхона ҳудудида қайта ишлаш» режимининг соддалашган тизими жорий қилинади;
  • ишлаб чиқариш бинолари намунавий лойиҳалар асосида қурилиб, тадбиркорларга «саноат ипотекаси» орқали тайёр ҳолда берилади;
  • жорий йилда технопарк инфратузилмасига 200 миллиард сўм ажратилади.

Янгиликлар