Тошкент вилоятида хонадонида 17 килодан ортиқ марихуана сақлаб келган эркак қўлга олинди

Тошкент вилояти ҳудудида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида вилоят ИИББ томонидан ҳамкорликдаги ташкилотлар билан «Зарбдор» махсус тезкор-профилактика ойлиги ўтказилмоқда.

Қайд этилишича, 14 ноябрь куни Пискент тумани ИИБ ходимлари томонидан «Баҳор» боғдорчилик-узумчилик ширкати 6-кўчасида яшовчи фуқаро 43 ёшли Н.Б.нинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилган.

Тадбирда хонадонга қуритиш мақсадида сақланаётган вазни 17 килограмм 250 грамм бўлган марихуана гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида ҳужжатлаштирилиб олинган.

Ҳозирда мазкур ҳолат ва бошқалари юзасидан тезкор суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Маълумотларга кўра, «Зарбдор» тадбирининг ўтган даври мобайнида гиёҳвандлик йўналиши бўйича жами 135 та жиноят фош этилиб, натижада 100 га яқин шахс ушланган ва улардан 70,5 килодан ортиқ гиёҳвандлик воситаси олинган. Йил бошидан эса гиёҳвандликка чек қўйиш борасида 1 186 ҳолат фош этилиб, 1 000 дан ортиқ шахслар жавобгарликка тортилган. Улар ва уларнинг яшаш хонадонларидан жами 310 килограмм турли хил ва кўринишдаги гиёҳвандлик воситалари аниқланиб, муомалага киритилишининг олди олинган.

Янгиликлар