Тошкентга 600 килодан ортиқ сифатсиз гўшт олиб кирмоқчи бўлган ҳайдовчи ушланди
Тошкент шаҳри «Эркин» йўл-патруль хизмати масканида 612 килограмм сифатсиз гўшт олиб кетаётган Cobalt ҳайдовчиси ушланди.

Маълум қилинишича, пойтахтнинг Чилонзор туманида жойлашган «Эркин» йўл-патруль хизмати масканида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан Хоразм—Тошкент йўналишида ҳаракатланиб келаётган Cobalt тўхтатилиб текширилганда, 1991 йилда туғилган фуқаро бошқарувида бўлган автомобиль салони ва юкхонасида ҳеч қандай ветеринария маълумотномаси бўлмаган, 22 та қопга солинган жами 612 килограмм номаълум ҳайвонга тегишли гўшт борлиги аниқланган.
Шунингдек, ушбу гўштлар сифати ва қайси ҳайвонга тегишли эканини аниқлаш мақсадида пойтахт Ветеринария ва чорчачиликни ривожлантириш бошқармасига топширилган.
«1 миллион сўм эвазига юкни олиб кетишга рози бўлдим. Қандай гўшт эканлигини билмадим. Сергелида кутиб олишларини айтишди». — деди ҳайдовчи.
«Ҳурматли пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари, бозорлардан гўшт ва сут маҳсулотларини харид қилишда ниҳоятда эҳтиёт бўлинг. Сотувчидан сотилаётган маҳсулотлар санитария меъёрларининг барча талабларига жавоб беришини тасдиқловчи сифат сертификатини сўранг», дейилади ИИВ хабарида.





