Чирчиқ дарёсида қолиб кетган 5 нафар фуқаро қутқарилди
15 август куни соат 10:30да Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар Бўстонлиқ тумани Янгиовул МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёси ўртасидаги оролчада 5 нафар фуқаро қолиб кетган. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум бўлишича, фуқаролар Чирчиқ дарёси бўйида дам олиш мақсадида дарё ўзанида жойлашган оролчага ўтиб боришган. Аммо сув сатҳининг кескин кўтарилганлиги ва оқим тезлашганлиги туфайли орқага қайтишнинг имкони бўлмаган.
Мазкур ҳолат бўйича Чирчиқ шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлими қутқарув отряди сувда қидирув-қутқарув гуруҳи қутқарувчилари зудлик билан белгиланган ҳудудга етиб боришди.
Таъкидланишича, тезкор ҳаракатлар натижасида оролчада қолиб кетган 5 нафар фуқаро махсус кичик ҳажмли кемада қирғоққа олиб ўтилган.