ЯТТларга заргарлик буюмлари савдосига рухсат берилади
1-сентабрдан бошлаб, якка тартибдаги тадбиркорларга (ЯТТ) заргарлик буюмларини сотиш фаолияти билан шуғулланишга рухсат берилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб:
• қимматбаҳо металл ва тошлардан тайёрланган заргарлик буюмлари ва ярим тайёр маҳсулотлар реализацияси бўйича айланмани ҚҚСдан озод қилиш имтиёзи;
• чакана савдода олтиндан тайёрланган заргарлик буюмларини сотганлик учун йиғим — бекор қилинади.
Шунингдек, 2028 йил 1 январгача заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ёки сотиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорларга тўланган ҚҚСнинг 80% ҳар ойнинг 25-санаси якунига қадар республика бюджетидан автоматик тарзда қайтарилади.
2025 йил 1-сентабрдан бошлаб яна:
• Тошкент, Нукус ва вилоят марказларида Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси томонидан заргарлик буюмларининг асиллик даражасини текшириш ва тамғалаш бўйича сайёр хизматлар йўлга қўйилади;
• «Солиқ» мобил иловаси орқали қимматбаҳо металл ва тошлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларга, жарима суммасининг 50% и миқдорида рағбатлантирувчи мукофот тўланади.