Қурилиш ташкилотлари ҳаво сифатини сақлаш қоидалари бўйича қатъий огоҳлантирилди
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, барча қурилиш ташкилотларига атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича белгиланган талабларга риоя этилиши шарт эканлиги борасида тегишли талаб йўллади.

Амалдаги қонунчиликка кўра, барча қурилиш ташкилотлари қуйидаги талабларни бажаришга мажбур:
• қурилиш жараёнида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишига йўл қўймаслик;
• қурилиш майдонига кириб-чиқиш йўлакларида осма ёмғирлатгич ва сув пуркагичлар ўрнатиш;
• автотранспорт воситалари ғилдиракларини мажбурий тарзда ювиш учун ювиш шохобчасини ташкил этиш;
• чанг тарқалишининг олдини олиш мақсадида қурилиш майдонини тўсиқлар, ҳимоя қопламалари ва махсус материаллар билан жиҳозлаш.
Мазкур талаблар бажарилмаган тақдирда, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга мувофиқ жарима ва бошқа маъмурий чоралар қўлланилиши, шунингдек, фаолият 10 иш кунигача тўхтатилиши ёки белгиланган тартибда бутунлай тугатилиши эслатилди.




