Сирдарёда ЙТҲ оқибатида 1 киши ҳалок бўлди

Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида Lacetti ва Yutong русумли автобус тўқнашуви оқибатида 1 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ маълум қилди.

Йўл-транспорт ҳодисаси 2025 йил 19 июнь куни соат 05:40 да халқаро аҳамиятдаги А-373 автомобиль йўлининг 116-километрида содир бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Lacetti ҳайдовчиси руль бошқарувини йўқотиб, йўлни ажратиб турувчи темир тўсиққа урилган. Шундан сўнг қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган Yutong автобуси ушбу автомобиль билан тўқнашган.

ЙТҲ оқибатида Lacetti’даги йўловчилардан бири оғир тан жароҳатлари олиб, туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида вафот этган.

Ҳозирда ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ҳодисалар