Фарғонада ногирон қизига тегажоғлик қилган қўшнисини ўлдириб қўйган ота-бола иши судда кўриб чиқилди

Риштонда ногиронлиги бўлган қизига тегажоғлик қилган қўшнисини ўлдириб қўйган ота-болага нисбатан белгиланган жазо апелляция тартибида кўриб чиқилди.

Суд ҳужжатларида келтирилишича, марҳум 2021 йилнинг декабрь ойида ўзи билан бир кўчада улғайган ва ногиронлиги бўлган қўшни қиз яшайдиган хонадонга маст ҳолатда келиб, унга тажовуз қилишга уринган.

Судланувчи Назаров 2021 йил 21 декабрь куни соат 02:00 да ўз хонадонида бўлган вақтида II гуруҳ ногирони бўлган қизининг ётоқхонасидан келаётган овозларни эшитган. У қизнинг хонасига кирган вақтида ожиз аҳволдаги қизига тегажоғлик қилиб турган қўшниси Шокировни кўрган ва қочиб кетишга уринган эркакнинг ортидан қувлаган.

Фуқаро Назаров жабрланувчига етиб олиб, уни калтаклай бошлаган. Шу вақт хонадон эгасининг ўғли ҳам уларнинг ортидан етиб келган ва воқеадан хабар топиб, таёқ билан Шокировни калтаклашга тушишган.

Жабрланувчи туман марказий шифохонасига ётқизилиб, муолажа кўрсатилган бўлишига қарамай, шу куни вафот этган.

2022 йил август ойида кўриб чиқилган суд ишида айбланувчи Назаров 3 йил муддатга, унинг ўғли Акрамов эса 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Апелляция шикояти асосида судлов ҳайъати рўй берган воқеани яна бир бор чуқур ўрганган. Биринчи инстанция судининг ҳукми қонуний, асосли ва адолатли бўлгани сабабли Фарғона вилояти суди Жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясига кўра суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Янгиликлар