Ўзбекистонда қарийб тўрт тоннадан ортиқ яроқсиз гўшт маҳсулотлари муомалага киритилишининг олди олинди
Ўзбекистонда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент органлари томонидан ўтказилган текширувларда қарийб тўрт тоннадан ортиқ яроқсиз гўшт маҳсулотларининг муомалага киритилиши олди олинди.

Маълум қилинишича, Департаментининг Қибрай туман бўлими томонидан Давлат солиқ инспекцияси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаролар А.Т. ва У.Х. истеъмолга яроқсиз 2 минг 200 килограмм товуқ гўштини консерва маҳсулотлари ишлаб чиқариш мақсадида сақлаб келаёганлиги аниқланган.
Департаментининг Гулистон туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро О.С истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган 961 килограмм қорамол гўштини ўзининг бошқарувидаги Нехиа русумли автомобилда Тошкент шаҳридаги мижозларга етказиб бериш мақсадида олиб кетаётганлиги аниқланган.
Шу каби, Департаментнинг Яккасарой туман бўлими томонидан ИИББ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Б.С. 22 дона полиетилен қопда истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган 612 килограмм гўшт маҳсулотини ўзининг бошқарувидаги Cобалт автомобилида Тошкент шаҳридаги мижозларга етказиб бериш мақсадида олиб кетаётганлиги аниқланган.
Департаментнинг Сирдарё туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, «Сирдарё» ЙПХ масканидан фуқаро Б.Э. бошқарувидаги Cобалт русумли автомобилда фуқаро Б.У.га истеъмолчилар ҳаёти ва соғлиги хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган 309,1 килограмм эчки гўштини Тошкент шаҳрида сотиш мақсадида олиб келаётганлиги аниқланган.
Департаментнинг Қўқон шаҳар бўлими томонидан Давлат солиқ инспекцияси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда, фуқаро О.А. ўзига тегишли гўшт ва колбаса маҳсулоти ишлаб чиқариш цехида ҳеч қандай тегишли ҳужжатларсиз, истеъмолчилар ҳаёти ва соғлиги хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган жами 240 килограмм қорамол ва товуқ гўштини муомалага киритиш мақсадида сақлаб келаётганлиги аниқланган.
Худди шундай, Департаментнинг Чилонзор туман бўлими томонидан Тошкент шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса, фуқаро Ш.Э. ўзига тегишли Дамас русумли автомобиль воситасида бирламчи ветеринария ҳужжатларисиз, истеъмол учун яроқсиз бўлган 170 килограмм қорамол гўштини сотиш мақсадида олиб кетаётганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.





