Тошкентдаги сув ҳавзаларида заҳарланиш ҳолатлари қайд этилмаган — Санэпидқўмита

Тарқалган хабарлар тасдиқланмагани элон қилинди

Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги чўмилиш ҳавзаларида чўмилиш натижасида аҳоли орасида касалланиш ҳолатлари кўпайгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси изох берди.

Хусусан, Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган 57 та чўмилиш ҳавзаси Бошқарма ва унинг туман бўлимлари томонидан мунтазам санитария-эпидемиологик назоратга олингани билдирилди.

Қайд этилишича, тасдиқланган режа асосида сув намуналари ҳар ойда бактериологик ва санитария-гигиеник кўрсаткичлар бўйича лаборатория текширувларидан ўтказилади.

Жорий йил давомида чўмилиш ҳавзаларидан 1 044 та сув намунаси таҳлил қилинган. Санитария талабларига жавоб бермаган ҳолатлар аниқланган 7 та мавсумий чўмилиш ҳавзасида сув тўлиқ алмаштирилиб, ювиш ва зарарсизлантириш ишлари амалга оширилган.

Бугунги кунга қадар чўмилиш ҳавзаларида чўмилиш натижасида заҳарланиш ёки юқумли касалликлар билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан бошқармага бирорта ҳам шошилинч хабарнома келиб тушмаган. Шу сабабли, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган мазкур хабарлар тасдиқланмаган бўлиб, ҳақиқатга тўғри келмайди, — дейилади хабарда.

Фуқаролардан асоссиз хабарларга ишонмаслик, уларни тарқатмаслик ҳамда фақат расмий манбаларда эълон қилинадиган ишончли маълумотларга таянишлари сўралди.

 

Ўзбекистон