Сув кодексини тасдиқлаш тўғрисида қонун қабул қилинди

Олий Мажлис Сенати Ўзбекистоннинг Сув кодексини тасдиқлаш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати маълум қилди.

Мазкур кодекс сув муносабатлари соҳасидаги асосий қонун ҳужжатларини тизимлаштиради. Унда Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг сув муносабатларини тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари, вазифалари ва функциялари аниқ белгилаб берилган.

Бундан ташқари, сув ресурсларини бошқариш соҳасида давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш шартлари, сув олиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик масалалари, сув муносабатлари соҳасидаги халқаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари ҳам белгиланган.

Сенаторлар таъкидлашича, Сув кодексининг қабул қилиниши сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларни самарали бошқариш ва муҳофаза қилишни таъминлайди. Давлат органларининг бу соҳадаги ваколатларини такрорлаш билан боғлиқ масалалар ҳал этилади. Шунингдек, сув етказиб берувчилар ва истеъмолчиларнинг масъулияти ҳам ошади.

Қонунда иқтисодиётнинг барча тармоқлари ва атроф-муҳитнинг сувга бўлган эҳтиёжини қондириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув тақчиллиги кучайиб бораётган даврда сув инфратузилмаси ва суғориладиган ерларнинг ҳолатини яхшилаш каби масалалар қамраб олинган.

Сув хўжалигини узоқ муддатли ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, соҳага инвестициялар жалб этиш ва технологик модернизация қилиш рағбатлантирилмоқда.

Қарорлар