Тошкентда ноқонуний қум ва шағал қазиш оқибатида табиатга 4,3 млрд зарар етказилди

Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида ноқонуний равишда қум ва шағал олиниши ҳолати аниқланиб, тўхтатилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.

Маълумотларга кўра, «Нурафшон» маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсининг қўриқланадиган ҳудуди яқинида махсус техникалар ёрдамида қум-шағал аралашмаси қазиб олинаётгани аниқланган.

Текширув пайтида махсус техникаларни жарима майдонига олиб кетишга уринилган, аммо ҳайдовчилар қонуний талабларга бўйсунмасдан, ҳодиса жойидан қочиб кетишган. Улар бу ҳаракатлари билан «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги ва «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги қонунларни бузгани таъкидланмоқда.

Мутахассислар етказилган зарарни 4,3 миллиард сўм деб баҳолашди. Бу ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар прокуратурага топширилди.

Тошкент