Камбағал оилаларнинг талаба қизларига махсус стипендия белгиланади

Камбағал оилаларнинг «аъло» баҳоларга ўқийдиган фарзандларининг оромгоҳларда дам олиши ва соғломлаштирилиши харажатлари тўлиқ қоплаб берилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Қайд қилинишича, «Камбағал оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги президент фармонига мувофиқ, кам таъминланган оилалар фарзандларига бир қатор ижтимоий имтиёзлар жорий этилади.

1 июндан бошлаб, «қизил» тоифага киритилган камбағал оилаларнинг «аъло» баҳоларга ўқиётган талаба қизларига базавий стипендиянинг 2 баравари миқдорида махсус стипендия тўланади.

Шунингдек, 2025 йил 1 сентабрдан бошлаб, умумий ўрта таълим муассасаларининг узайтирилган кун гуруҳларига қатнайдиган болалар умумий сонининг 15% миқдорида камбағал оилалар фарзандлари учун алоҳида квота ажратилади. Ушбу болалар ота-оналар тўловидан озод қилинади.

2026 йил 1 январдан эса камбағал оилаларнинг «аъло» баҳоларга ўқийдиган фарзандларининг Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси тизимидаги оромгоҳларда дам олиши ва соғломлаштирилиши харажатлари тўлиқ давлат томонидан қоплаб берилади.

Мазкур ижтимоий кўмакларни мувофиқлаштириш билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги шуғулланади. 

 

Ўзбекистон