ЎзЛиДеП ва «Миллий тикланиш» фракциялари «Тараққиёт блоки»ни тузди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) ҳамда «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциялари «Тараққиёт блоки»ни тузиш бўйича битим имзолади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси хабар берди.
Янги тузилган блок 93 нафар депутатни бирлаштиради ва парламентдаги кўпчиликни ташкил этиб, етакчи сиёсий куч сифатида фаолият юритади.
Баёнотга кўра, мазкур блок партияларнинг дастурий мақсад ва вазифаларини самарали амалга оширишни, шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттиришни мақсад қилган.
«Тараққиёт блоки» «Ўзбекистон – 2030» стратегияси ва ҳукумат дастурини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирган. Фракция бирлашуви орқали иқтисодиётни либераллаштириш, фуқароларнинг хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларини ислоҳ қилиш, сўз эркинлигини таъминлаш ҳамда давлат бошқарувини соддалаштириш каби йўналишларда фаолият юритилиши белгиланган.
Шунингдек, блок суверенитет ва хавфсизлик масалаларини устувор йўналишлардан бири сифатида кўради.
Фракциялар мазкур ҳамкорлик орқали парламентдаги фаолиятини янада самарали ташкил этишни, электорат ишончини оқлашни ва мамлакат тараққиётига ҳисса қўшишни кўзда тутмоқда.