Ўзбекистон 2026 йил март ойида Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши мумкин
Ўзбекистон 2026 йил март ойида Жаҳон савдо ташкилотининг тўлақонли аъзосига айланиши мумкин. Бу ҳақда ЖСТ раҳбари Нгози Оконжо-Ивеала «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ушбу йўналишдаги ишлар катта қатъият билан олиб борилмоқда.
Ноябрь ойида ЖСТ ишчи гуруҳининг йиғилиши ўтади. Умид қиламизки, мартгача барча тартиб-таомиллар якунланади ва Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолиги ҳақида тантанали эълон қилиш имкониятига эга бўламиз. Биз бу мақсадга жуда қатъий равишда интиламиз, — деди у.
Эслатиб ўтамиз, 22 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркда Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашди.
Унда, мамлакатнинг ЖСТга аъзо бўлиши борасидаги амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг долзарб жиҳатлари кўриб чиқилди.
Ушбу халқаро ташкилотга аъзо мамлакатлар билан музокаралар суръати мамнуният билан қайд этилди.
Жорий йил ноябрь ойида бўлиб ўтадиган Ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилиши натижадорлигини таъминлаш, шунингдек, 2026 йилда музокаралар якунланиши ва мамлакатимиз ташкилотга қўшилиши муҳим экани таъкидланди, — деб хабар қилинди.