Тайвандаги ЙТҲда 3 киши вафот этди, 12 киши жароҳатланди

Тайваннинг Янги Тайпей шаҳрида ҳайдовчи светофорнинг қизил чироғида тўхтамай, чорраҳадан ўтаётган пиёдаларни уриб юборди. Натижада икки нафар 12 ёшли қиз ва 40 ёшли аёл ҳалок бўлди. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.

Ҳодиса 19 май куни кечки пайт содир бўлган. Автомобиль аввал учта скутер ва бир велосипедни уриб, сўнг мактаб ўқувчилари ва уларнинг ота-оналарини босиб ўтган. Машина Т-кўринишидаги кўчанинг охирида бетон тўсиғига урилиб тўхтаган.

Яна 12 киши жароҳат олган. Уларнинг 7 нафари ўқувчилар ва бири 5 ёшли бола. 5 киши оғир аҳволда, жумладан ҳайдовчининг ўзи ҳам комага тушган.

Полиция ҳайдовчи маст бўлмаганини маълум қилди. Ҳодиса сабаблари юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.

Президент Лай Чинг-те жароҳатланганлардан хабар олиш учун ташриф буюриб, ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди.

Жаҳон