Ўзбекистон ва Эрон ўртасида ҳар томонлама ҳамкорлик бўйича йўл харитаси имзоланди

11 май куни Теҳрон шаҳрида Ўзбекистон ва Эрон ҳукуматлари делегациялари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукумати матбуот хизмати хабар берди

Хабарга кўра, учрашувда икки давлат ўртасида 2025–2027 йилларга мўлжалланган ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича йўл харитаси имзоланган.

Шунингдек, томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини $2 млрдга етказиш, транспорт-логистика соҳасидаги муаммоларни ҳал қилиш, саноат кооперацияси, ҳудудлараро алоқаларни фаоллаштириш, илм-фан, таълим, технологиялар ва туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш борасида фикр алмашган.

Қайд қилинишича, қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:

• Имтиёзли савдо битимининг товарлар рўйхатини тасдиқлаш баённомаси; 

• Ўсимликлар ҳимояси ва карантини соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми; 

• Ҳалол стандарт соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми.

Ундан ташқари, шу куни Теҳронда Ўзбекистон—Эрон бизнес форуми ўтказилган. Унда Ўзбекистондан 100 дан ортиқ тадбиркорлар, вазирлик ва идоралар вакиллари ўзларининг турли йўналишдаги таклиф ва ташаббуслари билан қатнашиб, «B2B» шаклда музокаралар олиб борган.

 

Ўзбекистон