Мирзиёев ва Моди икки томонлама стратегик шериклик масалаларини кўриб чиқди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12 август куни Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат давомида, Ўзбекистон-Ҳиндистон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, эришилган келишувларга мувофиқ, амалий ҳамкорлик жадал ривожланиб бормоқда, турли даражаларда фаол ва сермаҳсул мулоқотлар давом этмоқда.

Жумладан, жорий йил бошидан товар айирбошлаш 60 фоизга ошиб, 40 га яқин янги қўшма корхона ва кооперация лойиҳалари ишга туширилган. Ҳиндистоннинг етакчи компаниялари билан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг жорий портфели 2 миллиард долларга етган.

Шунингдек, етакчилар фармацевтика ва кимё саноати, рақамли иқтисодиёт, энергетика, кончилик, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, туризм ва бошқа йўналишларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш ва амалга оширишга алоҳида эътибор қаратдилар.

«Шимол-Жануб» йўлаги доирасида самарали транспорт-транзит йўналишларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини Тошкент шаҳрида самарали ўтказиш муҳимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Президенти ва Ҳиндистон Бош вазири минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашдилар ҳамда бўлажак олий даражадаги тадбирлар режасини кўриб чиқдилар.

Жаҳон