Фарғонада темир йўл изларида маст ҳолда юрган фуқаро сабабли поезд шошилинч тўхтатилди

Фарғона вилоятида йўловчи поезди фавқулодда тўхтатилди, деб ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 10 май куни соат 08:35 ларда 729-сонли «Андижон–Тошкент» йўловчи поезди «Қўқон–Бувайда» темир йўл бекатлари оралиғидаги 7-км 1-тўсиқда тўхтаганлиги ҳақида хабар берилган.

Хусусан, шу куни соат 08:32 ларда 0001-сонли электровоз «Андижон–Марғилон–Тошкент» йўналишида ҳаракатланаётган 729-сонли йўловчи поезди таркибидаги 8 та вагон билан Данғара тумани Ғумайли МФЙ ҳудудидаги темир йўл излари орасида маст холда ҳаракатланиб юрган фуқаро — 1983 й.т З.А.ни уриб юбормаслик мақсадида шошилинч тарзда тўхтатилган.

Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жароҳат олмаган. Поезд соат 08:45да ўз йўналиши бўйича ҳаракатини давом эттирган, — дейилади хабарда.

Ҳозирда ҳолат юзасидан тегишли тартибда текширув ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон