Наманганда терговчи ва адвокат катта миқдорда пора билан ушланди
Ҳозирги вақтда ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган

Наманган вилоятида коррупция ҳолатлари аниқланди, деб хабар берди Давлат хавфсизлик хизмати.
Хусусан, ушбу вилоят ИИБ Тергов бошқармаси терговчиси ўзининг иш юритувида бўлган, Чуст туманида яшовчи, 2006 й.т. фуқарога нисбатан қўзғатилган жиноят ишини унинг фойдасига ижобий ҳал қилиб, тугатиб юбориш эвазига ишга алоқадор бўлмаган адвокат орқали 40 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Натижада, чуст туманида ўтказилган тезкор тадбирда адвокатлар ҳайъати адвокати гумонланувчининг отасидан 40 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланади.
Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, адвокатдан 30 минг АҚШ долларини олган вақтида терговчининг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилган.
Ҳозирда терговчига нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан, адвокатга эса ЖКнинг 212-моддаси (пора олиш-беришда воситачилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.





