Тошкент давлат тиббиёт университети ташкил этилади
️Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва Тошкент давлат стоматология институти негизида Тошкент давлат тиббиёт университети ташкил этилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қарорга кўра, Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиали Урганч давлат тиббиёт институти этиб қайта ташкил этилади. Бундан ташқари, қуйидаги муассасалар қайта номланади:
— Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникаси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси ва Тошкент давлат стоматология институти клиникаси — Тошкент давлат тиббиёт университети клиникалари этиб;
— Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз ва Чирчиқ филиаллари — Тошкент давлат тиббиёт университетининг Термиз ва Чирчиқ филиаллари этиб;
— Тошкент тиббиёт академияси академик лицейи, Тошкент педиатрия тиббиёт институти академик лицейи ва Тошкент давлат стоматология институти академик лицейи — Тошкент давлат тиббиёт университетининг 1-, 2- ва 3-сон академик лицейлари этиб.
Таълим дастурларини халқаро тиббий таълим стандартларига мувофиқлаштириб, компетенцияларга асосланган тиббий таълим дастурларини жорий этиш университетнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишларидан бири этиб белгиланди.
Ҳужжат билан, шунингдек, университет тиббиёт соҳаси учун олий маълумотли мутахассислар ва илмий кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича етакчи олий таълим муассасаси ҳисобланади.
Университетга талабаларни ўқишга қабул қилиш 2025/2026 ўқув йилидан бошланади. Шу ўқув йилидан Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва Тошкент давлат стоматология институтида таҳсил олаётган барча талабалар ўқишини ушбу университетда давом эттиради ҳамда битирувчи курс талабаларига белгиланган тартибда университет дипломи берилади.
2025/2026 ўқув йилидан магистратурада босқичма-босқич хорижий тилларда ўқитиладиган алоҳида гуруҳлар ташкил этади.
Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасалари университет талабалари учун клиник амалиёт базалари этиб белгиланади.
Университет тузилмасида ҳомийлик хайриялари ҳисобидан тўлдириладиган Тошкент давлат тиббиёт университетини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади.