ИИОга ишга киритиб қўймоқчи бўлган фирибгарлар қўлга олинди
Ички ишлар органларига ноқонуний равишда ишга жойлаштиришни ваъда қилган шахслар бир нечта ҳудудларда қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.
Тошкент шаҳрида Адлия бошқармасида ишлаган шахс Урганчлик фуқарога ички ишлар тизимига ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, $1,9 минг ва 1,3 млн сўмни воситачи орқали олаётганда ушланган. У лавозимга қараб нарх белгилаб, оддий хизматлар учун $1,5 минг, офицерлик лавозимлари учун $2 минг талаб қилган.
Хоразм вилоятининг Хонқа туманида яшовчи фуқаро ҳам айнан шу шахс томонидан алданган. Унга ҳам ички ишлар тизимига ишга жойлаштириш ваъдаси берилган.
Қашқадарё вилоятида эса Миллий гвардиянинг Қарши шаҳар бўлими ходими бир фуқарони вилоят ИИБга ишга киритиш эвазига $2 минг олиб, Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари томонидан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28,211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.