Фарғонада тоға ва жиян наркосавдогарлар қўлга олинди 

Гиёҳвандлик воситалари қўшни республикадан олиб келинган.

Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 2002 й.т. фуқаро бошқарувида бўлган Cobalt русумли автомашина Учкўприк тумани ҳудудида текширилган.

Натижада, унинг салонида 4 кг 41 гр «гашиш» моддаси борлиги маълум бўлган. Шунингдек, мазкур фуқаронинг уйидан ҳам 867 гр «гашиш» моддаси олинган.

Терговга қадар текширув давомида, ушбу гиёҳвандлик воситалари унинг 1980 й.т. тоғасига тегишли эканлиги аниқланиб, у ҳам қўлга олинган. Аниқланишича, ушбу гиёҳвандлик воситалари қўшни республикадан олиб келинган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246-моддаси (контрабанда) ва 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон