Ғазода Исроил ҳаво ҳужуми оқибатида 4 нафар журналист ҳалок бўлди
5 июнь куни Исроил армиясининг Ғазо секторига уюштирган ҳаво ҳужумлари оқибатида камида 24 нафар фаластинлик, жумладан, бутун бир оила ва 4 нафар журналист ҳалок бўлди. Бу ҳақда Anadolu агентлиги тиббий манбаларга таяниб хабар берди.
Хабарга кўра, Ғазо жанубидаги Хон Юнуснинг ал-Мавоси ҳудудига уюштирилган зарба оқибатида бир эркак, унинг рафиқаси ва уч фарзанди вафот этган. Шаҳарнинг Бани Суҳайла ҳудудида эса тўрт нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган.
Шунингдек, хайрия ташкилотига тегишли автомобилга берилган зарбада икки киши, Жабалия шаҳарчасида эса ҳомиладор аёл билан бирга 2 фуқаро ҳаётдан кўз юмган.
Ғазо шаҳридаги Ал-Аҳли Баптист касалхонасига уюштирилган дрон ҳужуми натижасида 4 нафар журналист ҳалок бўлган, бир нечта киши жароҳат олган. Шаҳар жанубида иккита уйни нишонга олинган ҳужумда яна уч киши, жумладан, икки нафар бола ҳалок бўлгани хабар қилинган.