Ўзбекистон Афғонистонга навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини юборди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, Афғонистонга навбатдаги инсонпарварлик ёрдами кўрсатилди. Бу ҳақда УзА агентлиги хабар берди.

Умумий оғирлиги қарийб 390 тоннани ташкил этган мазкур гуманитар юк «Termez Cargo Centre» майдончасида шакллантирилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар ҳамда тиббий ускуналардан иборат.

Жумладан, йигирмата юк автомашинасида жўнатилган беғараз ёрдам Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев ва бошқа тегишли идоралар вакиллари иштирокида Балх вилоятининг Ҳайратон шаҳрига етказилди.

Қайд этилишича, мазкур акция 2025-йил давомида Афғонистон халқига йўналтирилган тўртинчи гуманитар ёрдам ҳисобланади.
БМТ маълумотига кўра, бу йил ён қўшни мамлакатда совуқ келаётган қиш фаслида 17 миллиондан ортиқ инсон озиқ-овқат маҳсулотлари инқирозига юз тутган. Уларнинг тўрт миллиондан ошиғи ёш болалардир. Бирлашган Миллатлар ташкилоти Жаҳон озиқ-овқат дастури маълумотига кўра, Афғонистон гуманитар инқироздан чиқиши учун тахминан 500 миллион доллар маблағ зарур. Бироқ, бу маблағ донор мамлакатлар томонидан берилаётгани йўқ.





