Россияда оғир вазиятга тушиб қолган ўзбекистонликларга ёрдам берилди

Россияда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган ўзбекистонликларга ёрдам кўрсатилди. Бу ҳақда Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси хабар берди.

Қайд қилинишича, Санкт-Петербург, Новосибирск, Уфа ва Екатеринбург шаҳарларида молиявий ва ҳуқуқий муаммоларга дуч келган фуқаролар ҳамда уларнинг фарзандларига Миграция агентлиги томонидан амалий ёрдам кўрсатилган.

2025 йил июнь ойида ваколатхона орқали тушган мурожаатлар асосида бу фуқаролар HY-634, HY-9670, HY-9658 ва HY-9662 авиарейслари орқали ватанга қайтарилган. Уларнинг чипталари Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан таъминланган.

Шунингдек, агентлик хорижда оғир аҳволга тушган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ишларини давом эттиришини маълум қилган.

Ўзбекистон