Бухоро шаҳрида иш ва ўқишга жойлашини айтиб, фуқародан 400 доллар олаётган боғча тарбиячиси ушланди

Бухоро шаҳрида 8 октябрь куни фуқарони мактабгача таълим муассасасига ишга ҳамда педагогика коллежига ўқишга киритиб қўйишини айтиб, ундан жами 400 доллар пулни фирибгарлик йўли билан олган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Мактабгача таълим бошқармаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, 8 октябрь куни тахминан соат 12:10 ларда Бухоро шаҳрида жойлашган мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси 1988 йилда туғилган З.Т. Когон тумани «Хўжа Якшанба» маҳалласида яшовчи, 2002 йилда туғилган Х.Ҳ.нинг ишончига кирган. Ундан мактабгача таълим ташкилоти мудираси орқали мазкур таълим даргоҳига ишга қўйиш учун 200 доллар, шаҳар халқ таълими бўлимида ишловчи мансабдор таниши орқали Бухоро педагогика коллежига ўқишга киритиш эвазига 200 доллар — жами 400 доллар пора сўраган.

Шундан сўнг фуқаро Х.Ҳ.дан ўзи ишлаб келаётган таълим муассасаси ҳудудида кимёвий ишлов берилган 400 долларни фирибгарлик йўли билан олган вақтида қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят устида қўлга олинган аёл З.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Aввалроқ Бухорода 45 миллион сўм эвазига Ички ишлар органига ишга киритиб қўймоқчи бўлган эркак ушлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар