Самарқандда тиббиёт олийгоҳига киритиб қўйишни ваъда қилиб, абитуриентдан 7 минг доллар олган стоматолог ушланди

Самарқандда тиббиёт олийгоҳига киритиб қўйишни ваъда қилиб, абитуриентдан 7 минг доллар олган стоматолог қўлга олинди ва суд қилинди. Бу ҳақда «Zamon» информацион-таҳлилий дастурида хабар берилди.

Хабарга кўра, Самарқанд шаҳрида стомотолог шифокор А.Ш. билан жабрланувчи танишиб қолган. Шифокор унга минг ҳаракат қилса ҳам, ўқишга кира олмаслигини, агар пулини берса, танишлари ёрдамида киритиб қўйишини айтган ҳамда 7 минг доллар олган. Пора олгани фош бўлган айбланувчининг суди ишхонасида, ҳамкасблари иштирокида ўтказилган.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьясининг айтишича, А.Ш. аввал ҳам икки марта судланган. Унинг иши 2018 йил 18 май куни судда кўриб чиқилган ва фирибгарлик жиноятини содир этган деб топилиб, унга имконият берилган. Унга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Жазони ўташ пайтида бўйин товлагани учун жазо оғирлаштирилган ва озодликни чеклаш жазосига ўзгартирилган. Уни ўташ даврида А.Ш. мазкур фирибгарлик жиноятини содир этган.

Аввалроқ Бухорода 45 миллион сўм эвазига ИИОга ишга киритиб қўймоқчи бўлган эркак ушлангани, Когонда фуқарони «прописка»га қўйдириш эвазига 200 доллар пора олган жиноий шериклар ушлангани хабар қилинган эди.

Янгиликлар