Дональд Трамп коронавирусдан бутунлай соғайди
АҚШ президенти Дональд Трамп энди коронавирус инфекциясининг тарқатувчиси ҳисобланмайди, деб хабар бермоқда «The New York Times» президентнинг шифокори Шон Конлининг сўзларига асосланиб.
Шифокорнинг айтишича, Трампнинг ҳолати унга карантиндан чиқишга имкон беради. Конли Трампнинг COVID-19 натижаси салбий чиққанлиги ҳақида бирор маълумот кўрсатмаган. АҚШ президенти ўз сайлов кампаниясини 10 октябрда давом эттирди. «Мен ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман», деди Трамп Оқ уйнинг балконидан қуйида тўпланган тарафдорларига.
«Биз оммавий сайлов кампаниясини бошлаймиз, чунки биз мамлакатимиз социалистик бўлишига йўл қўёлмаймиз», — деди Трамп.
Трамп ўзида COVID-19 тасдиқланганидан кейин уч кун (3—5 октябрь) Валтер Рид ҳарбий касалхонасида бўлган. Шифокорлар уни даволашда Regeneron Pharmaceuticals («REGN-COV2 антитаначалари коктейли» — компания) препаратини ва цинк, Д витамини, фамотидин, мелатонин ва аспирин дориларидан фойдаланган.
Трамп ўзининг «Regeneron» компанияси ва шифокорларга эрта мурожаат қилгани туфайли касалликдан тузалганига ишонмоқда. «Менимча, касалхонага эрта келиш жуда муҳим», деди Америка президенти «Fox»га.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев коронавирусга чалинган Дональд Трамп ва унинг рафиқасига соғлик тилаб, мактуб йўллаганди.