Ўзбекистонда нодавлат ОТМларни лицензиялашда янги шартлар жорий қилинди

Вазирлар Маҳкамасининг «Республикада нодавлат таълим хизматлари сифатини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Унга кўра, лицензиялашнинг қўшимча шартлари қуйидагилардан иборат:

Талабгор томонидан ташкил этилаётган олий таълим ташкилотининг концепцияси тақдим этилади. Концепцияда қуйидагилар кўрсатилади:

• таълим ташкилотининг номи;

• мақоми;

• бошқарув тизими ва кадрлари;

• асосий таълим ва илмий фаолият йўналишлари;

• қабул параметрлари;

• таълим сифатини таъминлаш тизими ва воситалари;

• тўлов-контракт миқдори ва унинг ҳисоб-китоби;

• таълим ташкилотини ривожлантириш бўйича 5 йиллик стратегик режаси;

• таълим ташкилоти фаолиятига оид бошқа муҳим масалалар.

Талабгор томонидан нодавлат олий таълим ташкилотининг таълим жараёни билан бевосита боғлиқ бўлган моддий-техник база, дастурий таъминотни ўз ичига олган дастлабки устав фонди (устав капиталини) $2 млн эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда шакллантиради. Кейинчалик талабалар сонининг кўпайиб боришига мутаносиб равишда устав фонди ошириб борилади.

Талабгор томонидан $350 000 эквивалентидаги маблағлар тижорат банкларидаги депозитларга захирага жойлаштирилади.

Ташкил этилаётган олий таълим ташкилотининг таълим жараёнига мўлжалланган бино ва иншоотлари майдони 5 000 м² дан кам бўлмаслиги лозим. Бунда бино университетнинг ўз мулки бўлиши шарт эмас, камида 5 йил муддатга тузилган ижара (текин фойдаланиш) шартномаси асосида иш бошлаш ҳам мумкин.

Олий таълим ташкилоти ташкил этилган вақтдан бошлаб дастлабки 5 йил давомида унинг йиллик соф фойдасининг камида 80% и, кейинги йилларда эса камида 50% и мазкур таълим ташкилотининг асосий фаолиятини ривожлантиришга йўналтиради.

Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Қарор кучга киргунга қадар лицензия олган тадбиркорлик субъектлари 2026 йил 1 январга қадар ўз фаолиятини янги лицензия талаблари ва шартлари асосида ташкил этиши лозим.

Янгиликлар