Ғиждувонда танишини дўппослаган маст эркак қўлга олинди

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида маст ҳолатда танишини жароҳатлаган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Фото: ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 2020 йил 4 октябрь куни тахминан соат 23:00 да 48 ёшли Ҳ.Қ. маст ҳолатда, Ғиждувон тумани «Додара» МФЙ ҳудудида таниши О.Қ. билан ўзаро шахсий келишмовчилик туфайли жанжаллашган. Жанжалда қўллари билан О.Қ. нинг танасини турли жойларига бир неча маротаба қасддан уриб, оёқлари билан тепиб, тан жароҳати етказган.

Судга оид тиббий экспертизанинг хулосасида, фуқаро О.Қ. ҳаёт учун хавфли бўлган «оғир» тан жароҳати олганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ғиждувон тумани бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тўрақорғонда маст фуқаро танишига болға отганди. Янгиқўрғонда эса қўшнисини мих қоқилган ёғоч билан урган эркак қўлга олингани маълум қилинганди.

Шунингдек, Фарғонада амакисига ойна синиғи билан жароҳат етказган жиян қўлга олингани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар