Марғилонда аҳолининг қарийб 500 та муаммоси ҳал этилди

Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида аҳолининг қарийб 500 та муаммоси ҳал этилди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Марғилон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, Марғилонда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, хусусан, шаҳар ҳудудидаги 54 та маҳаллаларда хонадонма-хонадон юриб темир дафтарга киритилган ҳамда ушбу рўйҳатдан чиқарилган оилаларнинг турмуш фаровонлигини ўрганиш юзасидан вилоят ишчи гуруҳи ташкил қилинган. Шунингдек, шаҳардаги 24 та маҳаллаларда ишчи гуруҳ томонидан 10 716 та хонадон ўрганилиб, 2061 та муаммо ва камчилик борлиги аниқланган. Шундан ҳозирги кунгача 493 таси ҳал этилган.

Фото: Марғилон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, ишчи гуруҳ вакилларининг асосий эътибори МФЙларда «темир дафтар»нинг холисона юритилиши, унга киритилган ҳамда чиқарилган оилаларнинг турмуш жараёнини ўрганишга қаратилган. Ўрганишлар давомида бир нечта оилаларни «темир дафтар»га киритиш хусусида ишчи гуруҳ вакиллари томонидан тегишли маҳалла фуқаролар йиғинларига таклифлар киритилган.

Маълумотларга кўра, вилоят ҳокими ишчи гуруҳ вакилларига дастлабки ўрганилган хонадонларда аниқланган муаммо ва камчиликларнинг мутасаддилар томонидан қай даражада ҳал этилаётганлигини такрорий ўрганиш юзасидан тегишли кўрсатма ва топшириқлар берган.

Шунингдек, йиғилишда МФЙларга бириктирилган вакиллар фуқаролар томонидан асосан, электр, газ, сув, йўлларни асфальтлаштириш, канализация, тадбиркорликни ривожлантириш, банк кредитлари, моддий ёрдам, дори-дармон олиш, даволаниш, кадастр ва шунга ўхшаш муаммолар мавжудлиги билдирилганлигини маълум қилган. Бундан ташқари, мулоқот давомида шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғинларини моддий техник база билан тўлиқ таъминлаш, таъмирталаб МФЙ идораларида реконструкция ишларини олиб бориш, МФЙларда бўш турган бино ва ерларни фаолиятини кенгайтириш мақсадида юрган тадбиркорларга ажратиб бериш, ширкатлар фаолиятини тубдан яхшилаш, ободонлаштириш ишларини мунтазам равишда олиб бориш юзасидан ҳам тегишли кўрсатмалар берилган.

Ўтган галги ҳисобот йиғилишида ногиронлиги мавжуд бўлган 7 нафар фуқаролардан ногиронлик аравачаси сўраб қилинган мурожаатлар тўлиқ қондирилган.

Фото: Марғилон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Аввалроқ Ўзбекистон туманида ўтказилган қабулда 400 га яқин мурожаатдан 197 таси ҳал этилгани, Қўқон ҳокими ўтказган қабулда 29 та мурожаат тинглангани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар