Самарқандда 100 дан ортиқ хотин-қиз имтиёз асосида талабаликка қабул қилинди

Самарқанд шаҳрида олий таълим муассасаларига имтиёз билан қабулган 104 нафар хотин-қизни тақдирлаш маросими ўтказилди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Самарқанд шаҳридаги Ёшлар маркази биносида имтиёз билан ОТМга қабул қилинган 104 нафар хотин-қизни тақдирлаш маросими ўтказилган. Тадбирда бир нечта давлат идоралари вакиллари иштирок этган. Республика бўйича қишлоқ жойларда яшаётган, кам таъминланган оилаларга мансуб хотин-қизлар олий ўқув юртларининг кундузги бўлимида давлат гранти асосида ўқиши учун 940 та ўрин ажратилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 июндаги «Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорга мувофиқ, тавсияномалар қуйидаги мезонлардан бири асосида берилган:

  • кам таъминланган оиладан чиққан хотин-қизлар;
  • тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни ота ёки онаси вафот этган хотин-қизлар;
  • 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ фарзандларни тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида;
  • яшаётган ёлғиз аёл (эркак)ларнинг қизлари;
  • шахсий уй-жойга эга бўлмаган, ижарада яшаётган оилалар;
  • ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш қидирувчи шахс сифатида аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида ҳисобда турганлар.

Қайд этилишича, хотин-қизлар учун Самарқанд вилоятига 104 та ўрин берилган. Ана шу имтиёзга эга бўлиш мақсадида вилоятнинг 16 та туман-шаҳридан 1833 нафар хотин-қизлар танловда иштирок этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада 100 нафар, Чортоқда эса 3 нафар хотин-қиз қўшимча грант асосида талабаликка қабул қилинганди. Шунингдек, Aндижонда вилоят ҳокими OТМга кирган қизларга «Халқаро қизлар куни» муносабати билан диплом ва совғалар топширганди.

Янгиликлар