Самарқандда 500 ўринга мўлжалланган ташхислаш ва даволаш маркази тайёр бўлди
Самарқанд шаҳрида COVID-19 билан касалланганларни даволаш учун яна бир ташхислаш ва даволаш маркази тайёр бўлди. Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот котиби «Tez News»га хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳозирда мазкур марказда беморлар йўқ. Аммо касаллик кўпайиб кетиши эҳтимолини ҳисобга олган ҳолда тайёрланган мазкур марказда айни пайтда даволаш ишларини амалга ошириш учун барча шароитлар яратилган. 2-сон махсус тақсимлаш даволаш маркази 500 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда 6 та реанимация (50 ўринли), нефрология, неврология, эндокринология, кардиология ва интенсив даволаш бўлимлари мавжуд.
Қайд этилишича, беморлар учун зарур дори-дармон, гигиена воситалари келтирилган ва тиббиёт ходимлари учун махсус тиббиёт воситалари тайёрланган. 30 та кардиомонитор, 30 кислород концентранти, 17 сипап, 6 ИВЛ, 1 дифибилятор, портатив рентген, УТТ, ЭКГ аппаратлари, компьютер ва ноутбуклар келтирилган.
Муассасада ягона алоқа тизими ташкил этилиб, 28 та кузатув камераси ўрнатилди. 10 та ногиронлик аравачаси, 20 санитар аравача, 20 та муолажа аравачаси, 30 та куллер каби зарур анжомлар келтирилган.
Маълумот учун, Ургут туманида 500 ўринга, Самарқанд шаҳридаги Спорт заҳиралари колежида 961 ўринга ва Каттақўрғон туманида 200 ўринга мўлжалланган ташхислаш ва даволаш маркази мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Aндижон туманида 2,2 миллиард сўмга қурилган янги врачлик пункти очилди. Шунингдек, Сўхда 1,5 миллиард сўм инвестиция эвазига соғломлаштириш маркази очилганди.