Сўхда 1,5 млрд сўм инвестиция эвазига соғломлаштириш маркази очилди

Фарғона вилояти Сўх тумани «Офтобру» маҳалласида янги соғломлаштириш маркази фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Сўх тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Сўх тумани собиқ ижтимоий-иқтисодий ва педагогика касб–ҳунар коллежининг фойдаланилмаётган ётоқхона биносида 1,5 миллиард сўм инвестиция эвазига соғломлаштириш маркази очилган. «Сабрина невромед» хусусий корхонаси томонидан тиббий хизмат кўрсатиш лойиҳаси ишга туширилиб, 20 та янги иш ўрни яратилган.

«Дарҳақиқат, Сўх туманида фаолият олиб бораётган тадбиркорларга Президентимиз томонидан катта эътибор қаратилиб, итмтиёзлар берилмоқда. Туман ҳокимлиги томонидан берилган бўш бино ва 220 миллион сўм кредит эвазига янги замонавий соғломлаштириш маркази бунёд этилди. Янги соғломлаштириш марказида гидротерапия, яъни сув билан даволаш, неврология-терапия, травмотология бўлимлари мавжуд бўлиб, бу ерда нафақат Сўх тумани аҳолиси, балки қўшни Қирғизистон фуқаролари ҳам бемалол даволанишади. Асосий мақсадимиз ҳукуматимиз эътиборидан самарали фойдаланиб, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишдан иборат», — дейди соғломлаштириш маркази раҳбари Солижон Мусаев.

Фото: Сўх тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълумот учун, соғломлаштириш марказида кам таъминланган, ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар, ногиронларнинг даволанишлари учун имтиёзлар мавжуд. Жумладан, тақдимот маросимида икки нафар фуқаро — болаликдан ногирон бўлган Шоҳжаҳон Тожибоев ва Достон Ҳомидзодларга марказ маъмурияти томонидан бепул даволаниш учун сертификат топширилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона шаҳрида «Истеъмолчилар уйи» биноси фойдаланишга топширилганди. Шунингдек, Олтиариқда салкам 4 млрд сўмга таъмирланган мактаб фойдаланишга топширилгани хабар қилинганди.

Янгиликлар