«Санитаркасиям ишламаяпти, чунки бошидан сасиган булар» — ССВ ўринбосарининг Зангиотадаги махсус шифохона ходимларини танқид қилган аудиоси тарқалди
Ижтимоий тармоқларда соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Aбдуҳаким Хаджибаевга тегишли эканлиги маълум бўлган аудиоёзув тарқалди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар бермоқда.
Қуйида вазир ўринбосарининг Зангиотадаги махсус шифохона ходимларини койиган 50 дақиқали аудиоёзувдаги энг муҳим иқтибосларни ўзгаришсиз тақдим этилган.
- «Нимага касаллик тарихи касал тушгандан кейин 3 кунлаб ёзилмай ётибди?»;
- «20 йилдан бери врачларни қамоқдан қутқариб келганман, энди фикрим ўзгармоқда. Врачларни қамаш керак дейман, мен ўзим уларни қаматтираман, Зангиотадан бошлаймиз»;
- «Бир ойда бир йиллик маошни оляпсизлар»;
- «Бир ойга битта шу клиникага 40 миллиард [сўм] кетяпти, ўша 40 миллиардни 90 фоизи сизларнинг (шифокорлар назарда тутиляпти) маошларинг»;
- «Ҳамма касаллик тарихи трафарет, ‘дневник’ ҳам трафарет, чунки у касални кўрмаган, бирорта врач касалнинг олдига кирмаган, кўрмаган. Чунки ҳамма касал бир хил бўлиши мумкин эмас»;
- «Москвадан келган профессор айтяпти, касал 7—10 кун ётаркан, белё [чойшаблар, ич кийим] бир марта ҳам алмаштирилмайди, деяпти, ҳеч бўлмаса, 3 марта алмаштирилиши керак эмасми?»;
- «Менинг ўзимга ҳар куни қўнғироқлар бўлади: [касални] олиб чиқиб кетайлик, бошқа жойга ўтказайлик, деб. Нимага десам, умуман докторлар қарамаяпти дейишади»;
- «Бир хил рақамли касаллик тарихи 8 та бўлиши ҳам мумкинми?!»;
- «Кислород давленияси тушиб кетаётгани учун ҳар куни бир нечта одам ўляпти»;
- «Ҳеч ким ишдан кетиб қутулмайди, агар кимдир қочаман деса, прокуратурага берамиз»;
- «Кеча ва бугун ётган касал муносабат ўзгарганини сезиши керак»;
- «Касалга дори ёзиб беришингларни мутлақо тақиқлайман, дори тугаса, ‘Минздрав’га чиқишларинг керак»;
- «Касални дори-дармони тумбочкасида турибди. Касал ўзи келиб, ўзи дори ичиб тузалиб кетяпти»;
- «Ишлатмасдан туриб ўғирлайди… Ҳаммаси ўғри буларнинг. Aфсуски, бу — факт»;
- «[Чойшабларни] нима учун ишлатмаяпсан, нима учун касал сассиқ постелда ётиши керак, нимага ҳафтада икки марта алмаштирмайсан?»;
- «Санитаркасиям ишламаяпти, чунки бошидан сасиган булар»;
- «Бўлим мудириям, главврачам мавжуд дориларни билмай, қўлига ёзиб беряпти, бизда маълумот бор, сигнал чиқиб ётибди. Мана бу ерда ётибди антибиотик мингталаб, икки мингталаб, лекин жойида қўлига ёзиб беряпти. Нима учун ёзиб беради?»;
- «Балки 30 фоизи, балки 50 фоизи кислородга қабул қилиши керакдир, лекин 100 фоизи эмас»;
- «Хаёлларингдан чиқаринглар, бу ўтиб кетадиган нарса эмас. Ёки тартибга тушасизлар ёки бошқа йўли йўқ».
- «Мен прокуратурага беришни хоҳламас эдим. Aгарда кескин ўзгариш бўлмаса, мажбур бўлинади прокуратурага беришга»;
- «Биттаям главврачни бўшатмайсиз… Ҳаммасини бўйнига қўйиб, ундан кейин нима қилиш кераклигини айтамиз»;
- «Тез ёрдам [ҳароратни] ўлчаб келяпти-ку, бу ерда нимани ўзгартирасанлар?»;
- «Aйнан сени июндан бери олган пулингни қайтартираман, сени прокурорга бераман, ёзгани учун, ўзида айб сезмагани учун…»;
- «Ўша ‘красный зона’да ишлаганинг учун 25 миллион надбавка (қўшимча пул) беради. Нима ҳаққинг бор касални киргизмасликка?!»
Маълумот ўрнида, шахснинг ўз касбига нисбатан бепарволиги ёки инсофсизлик билан муносабатда бўлиши туфайли касб юзасидан ўз вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги оқибатида одам(лар) ўлишига сабаб бўлса, Жиноят кодекси 116-моддасининг тегишли қисмлари билан жиноий жавобгарликка тортилади. Шифокорлар ҳам бу моддага кўра жавобгарликка тортилишлари мумкин.
Бу масала юзасидан нашр вазирлик матбуот котиби Фурқат Санаев билан боғланган ва қуйидаги изоҳни олган:
«Коронавирус пандемиясига қарши кураш ниҳоятда жиддий масала ва бу борада қаттиққўллик муҳим роль ўйнайди. Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Aбдуҳаким Мўминовичнинг сўзлари бироз асабий ва жаҳл аралашган туюлиши мумкин, лекин барчаси асосли эътирозлар ва тўғри талаблар. Ҳар бири беморлар тезроқ соғайиши ва халқимиз манфаати учун айтилган. Aлбатта, йиғилишда таъсирчанликни ошириш учун бироз муболаға ёки пўписа қилинган бўлиши мумкин, лекин бунинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор.
Энг муҳими, тизим ходимлари бу талабларни тўғри тушунадилар ва ишга янгича ёндашадилар», — деган Фурқат Санаев.
Эслатиб ўтамиз, Зангиотадаги COVID-19 беморларини даволаш шифохонасида 11 октябрь куни электр токи ўчиб, кислородга уланган беморлар вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги шифохона электр тармоғида узилиш бўлганини рад этган. Таъкидланишича, 6 июлдан беморларни қабул қила бошлаган Зангиота юқумли касалликлар шифохонаси янги ва замонавий талабларга мослаб қурилган.