ССВ Зангиотадаги шифохонада электр тармоғида узилиш бўлганини рад этди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 11 октябрь куни Зангиотадаги шифохонада электр тармоғида узилиш бўлганини рад этди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятидаги Зангиота юқумли касалликлар шифохонасида электр таъминоти узилиб қолгани ҳақида маълумотлар тарқалди. Журналист Хуршид Далиевнинг Twitter саҳифасидаги постида COVID-19 марказида аҳвол ёмонлашиб, кислород концентраторига уланган беморларнинг кўпчилиги вафот этгани айтилган.

Скрин: Twitter

Ушбу хабар юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги муносабат билдирган ва 2020 йилнинг 6 июлидан беморларни қабул қила бошлаган Зангиота юқумли касалликлар шифохонаси янги ва замонавий талабларга мослаб қурилганини айтган. Шу билан бирга 11 октябрда Зангиотадаги шифохонада электр энергияси узилмаганини таъкидлаган.

«Касалхонада бирорта ҳам ўлим қайд этилмаган. Шифохонада электр узлуксизлигини таъминлаш мақсадида 3 та дизель генератори ўрнатилган. Барча шифокорлар коронавирус билан курашга жалб қилинган бир вақтда бундай бўлиши ақлга сиғмайди», — дейилади вазирликнинг баёнотида.

Аввалроқ ССВ Самарқандда коронавирус беморлари статистикаси камайтириб кўрсатилганини рад қилгани хабар қилинган эди. Шунингдек, Республика Патологоанатомия илмий-амалий маркази директори Ўзбекистон аҳолиси орасида коронавирус натижасидаги ўлим кўрсаткичларининг дунёдаги вазиятга нисбатан камлигини ҳам таъкидлаб ўтган.

Янгиликлар