Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедов билан Қирғизистондаги вазиятни муҳокама қилди

Шавкат Мирзиёев 8 октябрь, пайшанба куни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақида Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, суҳбатда давлат раҳбарлари Қирғизистондаги воқеалар ривожига алоҳида тўхталдилар. Ушбу мамлакатдаги вазият Қирғизистон Конституциясига мувофиқ ҳолда тез фурсатда барқарорлашиши зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатлар кун тартибидаги долзарб масалаларни батафсил кўриб чиқдилар. Халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди. Икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари томонидан ўтган ойда ўтказилган сиёсий маслаҳатлашувларнинг натижалари ижобий баҳоланди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари 2019 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувида қабул қилинган қарорлар ва эришилган келишувлар ижросининг боришини муҳокама қилдилар.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 7 октябрь, чоршанба куни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилиб, Қирғизистондаги вазиятни муҳокама қилган эди. Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари Қирғизистондаги вазият ушбу мамлакат Конституцияси ва миллий қонунчилиги нормаларига мувофиқ тез фурсатда барқарорлашишига умид билдирганлар.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти билан минтақавий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган эди.

Янгиликлар