Шавкат Мирзиёев: «Жаҳон бозорига чиқаётган маҳсулотларимизда Ўзбекистон овози жаранглаши керак»
Шавкат Мирзиёев 12 октябрь куни интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, йиғилишда соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириб, интеллектуал мулк ҳимоясини кучайтириш, ҳар бир идора ва тармоққа илмий ютуқларни олиб кириш масалалари муҳокама қилинган.
«Жаҳон бозорига чиқаётган маҳсулотларимизда Ўзбекистон овози жаранглаши керак, бренди бўлсагина маҳсулотларимиз ташқи бозорларда мустаҳкам ўрин эгаллай олади», — дейди Шавкат Мирзиёев.
Адлия вазирлиги ва Интеллектуал мулк агентлигига барча идоралар ва ҳудудлар, олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот муассасалари билан кенг муҳокама қилиб, соҳани ривожлантиришга қаратилган уч йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган. Интеллектуал мулк яратувчиларини рағбатлантириш, патент эгаларини мукофотлаш каби имтиёзлар тизимини жорий қилиш зарурлиги таъкидланган.
Шунингдек, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Интеллектуал мулк агентлигига мамлакатимизда рўйхатга олинган кўнгилочар сайтлар, радио ва телеканалларни ўрганиб, муаллифлар манфаатларини таъминлаш вазифаси қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев босма нашрларни қўллаб-қувватлаш учун матбуот тарқатиш тизимини ривожлантириш муҳимлигини айтган эди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида «ёшлар дафтари» ва «аёллар дафтари» шакллантирилиши маълум қилинди.