Учкўприкда қаровсиз қолдирилган «Nexia 1»ни ўғирлаган эркак қўлга олинди
Фрағона вилояти Учкўприк туманида қаровсиз қолдирилган «Nexia 1» машинасини ўғирлаган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, воқеа 8 окртябрь куни тумандаги Ўқитувчилар кўчасида содир бўлган. Маълум қилинишича, фуқаро A.Э. мазкур кўчада қулфланмаган ҳолда қаровсиз қолдирилган Т.Ҳ.га тегишли «Nexia 1»ни олиб қочиб, воқеа жойидан яширинган. Қайд этилишича, ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Олмурод қишлоғи ҳудудидан ўтган зовур ёнидан автомашина соз ҳолда топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Учкўприк тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (Транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан суд томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Маълумот учун, юқоридаги жиноятни содир этган шахс ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада маст ҳолатда бўлган вояга етмаган шахслар «Lacetti»ни олиб қочиб, ЙТҲга учрагани ҳамда Бешариқда «Lacetti»ни олиб қочган вояга етмаган шахсга жиноят иши қўзғатилгани ҳақда хабар қилинганди.