Бешариқда «Lacetti»ни олиб қочган вояга етмаган шахсга жиноят иши қўзғатилди

Фарғона вилояти Бешариқ туманида 5 август, чоршанба куни вояга етмаган шахс «Lacetti» автомашинасини олиб қочиб, дарахтга бориб урилди, деб хабар берди Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати.

Хабарда айтилишича, Бешариқ туманида 5 август куни соат 01:00 атрофида «Чорбоғ» маҳалласида яшовчи вояга етмаган А.Т. «Янгиҳаёт» МФЙ ҳудудида эшиклари қулфлаб беркитилмаган, калити билан қаровсиз қолдирилган «Laсetti» русумли автомашинани олиб қочган. Машинани «Бўстон» МФЙ ҳудудида бошқариб кетаётиб, бошқарувини йўқотиб, йўлнинг чап томонидаги ўрик дарахтига бориб урилган.

Ҳолат юзасидан Бешариқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (Транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, А.Т.га нисбатан суд томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Аввалроқ Бешариқда маст ҳолатда бўлган вояга етмаган шахслар «Lacetti»ни олиб қочиб, ЙТҲга учрагани ва Фарғона туманида «Lacetti» ҳайдовчиси пиёдани уриб юборгани, оқибатда фуқаро воқеа жойида вафот этгани ҳақида хабар берилганди