Ёзёвонда 16 марта йўл ҳаракати қоидасини бузган эркак салкам 7 млн сўм жарима тўлади
Фарғона вилояти Ёзёвон тумани, «Хонобод» қишлоғида яшовчи Маманазаров Алишер 16 марта йўл ҳаракати қоидасини бузгани учун 6 967 000 сўм маъмурий жарима тўлади. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Маълум қилинишича, Маманазаров Алишер «Хюндай» машинасида 2019 йил август ойида Марғилон шаҳрида ҳаракатланиб кетаётган вақтида йўл ҳаракати қоидасини бузишдан бошлаб, 2020 йил 20 октябрь кунигача 16 та ҳуқуқбузарлик содир этган.
Мажбурий ижро бюроси Ёзёвон туман бўлими томонидан ҳуқуқбузар А.Маманазаровга нисбатан жами 16 та маъмурий жарима жазони қўллаш тўғрисидаги қарорлар асосида тайинланган умумий 6 967 000 сўм жаримани ундириш бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилган.
Қарздор А.Маманазаров бир неча маротаба огоҳлантирилсада, жаримани тўламаган ва автомашинада фақат Марғилон шаҳрида бошқариб юраверган. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари билан 2020 йил 20 октябрда ўтказилган тезкор тадбирлар жараёнида А.Маманазаров автомашинасида ҳаракатланиб кетаётган вақтда ушланган ва автомашина жарима майдончасига олиб кирилган. Шу куннинг ўзида у 6 967 000 сўм маъмурий жаримани тўлиқ тўлаб берган.
Хабарга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 332-1-моддасида ҳуқуқбузар унга жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб ўн беш кун ичида жарима миқдорининг етмиш фоизини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда у жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод этилиши белгиланган.
Маълумот учун, А.Маманазаров қонунда белгиланган ушбу имтиёзли қоидадан фойдаланганида 4 867 900 сўм жарима тўлаган ва 2 090 000 сўм тежаб қолган бўлар эди.
Аввалроқ Пастдарғомда ҳаракат хавфсизлиги қоидасини бузган ҳайдовчига 6 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланганди. Шунингдек, Самарқанд вилоят маъмурий суди сўнгги 9 ойда 14 миллиард сўм жарима ундирганди.