Президент Тошкент вилоятида жами 2 млрд долларлик 9 та лойиҳага старт берди
Янгийўл туманида 14 октябрь куни Тошкент вилоятидаги муҳим лойиҳаларни ишга тушириш ва қурилишини бошлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди ва янги лойиҳаларга старт берди.
Хусусан, Олмалиқ шаҳрида 1 миллиард доллар инвестиция ҳисобидан 227 гектар майдонда «Буюк ипак йўли» махсус саноат технопарки қурилади. У ерда электротехника, тўқимачилик, қурилиш материаллари, фармацевтика каби йўналишларда 100 га яқин корхона жойлаштирилади. 3 мингта янги иш ўрни яратилиб, йилига 5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади ва 300 миллион долларлик экспорт имконияти пайдо бўлади.
Юқори Чирчиқ туманида 350 миллион доллар эвазига 69 гектар майдонда тўқимачилик саноат парки ташкил этилади. Бу мажмуада 20 дан ортиқ ип-калава, мато тўқиш ва бўяш, тайёр текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари жойлаштирилади.
амлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ва экспорт қилиш изчил кўпайиб бормоқда. 2030 йилгача озиқ-овқат ишлаб чиқаришни 2 баробар, экспортини 5 баробар ва қўшилган қиймат даражасини 3 марта ошириш мақсад қилинган. Бунга эришишда, ҳеч шубҳасиз, Тошкент вилоятининг ҳиссаси катта.
Жумладан, Янгийўл туманида йилига 50 минг тонна минерал ўғит ва кимёвий воситалар, Қибрайда юқори сифатли экспортбоп озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлаш корхоналари ишга туширилмоқда.
Тошкент вилояти энергетика соҳасида ҳам катта салоҳиятга эга бўлиб, бу ерда 5,7 гигаваттли қувватлар мавжуд. Бу миқдорни ошириш мақсадида 1,5 миллиард долларлик 800 мегаваттдан ортиқ 6 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Яшил энергетикани ривожлантириш билан бирга, юртимизда энергетика тизими барқарорлигини сақлаш бўйича ҳам кўп ишлар қилинмоқда. Шунинг учун 2030 йилгача умумий қуввати 4 минг 100 мегаваттли электр энергиясини сақлаш тизимларини барпо этиш режалаштирилган.
Яна иккита лойиҳа – «China Energy Overseas Investment» компанияси билан ҳамкорликда Паркент ва Пискент туманларида қуриладиган 220 миллион долларлик, 200 мегаваттли энергия сақлаш тизимларидир. Улар куннинг тиғиз пайтларида узилишга йўл қўймаслик ва истеъмолчиларни электр билан ишончли таъминлаш имконини беради.