Тошкентда BRT йўлаги қурилиши режалаштирилмоқда
Тошкент шаҳрининг Шота Руставели кўчасида автобуслар тезкор ҳаракатланиши учун BRT (Bus Rapid Transit) йўлаги қурилиши кутилмоқда. Бу ҳақда блогер Никита Макаренко хабар берди.
Объект паспорти айни кўчага ўрнатилган бўлиб, унга кўра автобус йўлаги йўлнинг чеккасида эмас, балки илгари трамвай излари ўтгани каби йўл ўртасидан ўтади.
Лойиҳа Tashkent Invest ва Хитойнинг China State Construction компанияси томонидан амалга оширилади. Бироқ ушбу лойиҳа бўйича жамоатчилик муҳокамаси ўтказилмаган. Шу сабабли фаоллар шаҳар ҳаётига дахлдор бундай лойиҳалар оммага очиқ бўлиши ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилишини талаб қилмоқда.
BRT (bus rapid transit) — бошқа транспортлардан тўлиқ озод қилинган тезкор автобус йўналиши. BRT тизимида автобуслар учун алоҳида йўллар (йўлаклар) ажратилади, шунинг учун улар тирбандликларга тушмайди ва жадвал асосида тез ҳаракатланади.