Тошкентда хорижга юборишни ваъда қилган фирибгарлар қўлга олинди

Тошкентда АҚШ ва Японияга юборишни ваъда қилиб, фуқаролардан пул олган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар берди.

Хабарга кўра, фуқаро Ж.А. АҚШда яшовчи қариндоши Б.Р. билан тил бириктириб, фуқаролар З.С. ва Д.С.ни Мексика ва Европа давлатлари орқали АҚШга жўнатиш эвазига $22,5 мингни олаётган вақтида қўлга олинган.

Шунингдек, Департаментнинг Бектемир тумани бўлими ва ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда С.Н. фуқаролар М.А. ва Х.Т.ни Японияга ишга юборишни ваъда қилиб, $2 мингни олаётган вақтида ушланган.

Ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 28 ва 211 моддалари (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тошкент