Тошкентдан Фарғонага кетаётган Tracker автомобилининг юкхонасидан қарийб 9 кг наркотик аникланди
Қўшни давлатдан Тошкент вилояти ҳудудига контрабанда йўли билан олиб кирилган гиёҳвандлик воситалари Фарғонага олиб кетилаётган бўлган

Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси ва контрабандасининг олди олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Тадбирда «Тошкент – Фарғона» йўналишида ҳаракатланаётган Tracker русумли транспорт воситаси йўл-патрул хизмати масканида тўхтатилади.
Жумладан, Фарғона шаҳрида яшовчи, 1990 й.т., муқаддам Жиноят Кодексининг 166-моддаси (талончилик) билан судланган фуқаро бошқарувида бўлган автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг салонида ҳайдовчи ўз истеъмоли учун сақлаб қўйган 1,72 гр наркотик борлиги аниқланди ва қўшимча текширув давомида транспорт воситасининг юкхонасидан 8 кг 913 гр «гашиш» моддаси олинади.
Терговга қадар текширув жараёнида аниқланишича, мазкур шахс муқаддам наркокурьерлар томонидан қўшни давлатдан Тошкент вилояти ҳудудига контрабанда йўли билан олиб кирилган гиёҳвандлик воситаларини Фарғонага олиб кетаётган бўлган.
Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани билдирилди.





